Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида Хитойнинг Liaoning Leader компанияси шамол электр станциясини қуришга киришди, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати. 22 сентябрь куни шамол кучини ўлчашга мўлжалланган мачтани ўрнатиш тантанали маросими бўлиб ўтди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,8 млрд долларни ташкил этиб, ишлаб чиқариш қуввати 1,5 минг МВтга тенг. Ҳокимлик томонидан 6 минг га ер ажратиб берилди. Лойиҳанинг 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда 200 МВт қувватли электр станциясини қуриш учун 240 млн доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб қилиш белгиланган.

2015 йил апрелида Германиянинг GEO-NET ва Inec-GOPA компаниялари Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида шамол электр энергетикаси харитасини ишлаб чиққан эди. Мазкур тадқиқотлар натижаларига кўра, шамол энергетикаси соҳасидаги прогноз салоҳият 17 минг кв. м. майдонда йилига 1,07 триллион кВт/с электр энергиясини ташкил этади. Ҳозирда Тошкент вилоятида 750 кВт қувватга эга биргина тажриба шамол электр станцияси қурилган.

2017 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёев 2017—2025 йилларда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш дастурини қабул қилди. Қуёш электр станциялари қурилиши, ГЭСлар қурилиши ва модернизацияси бўйича дастурларнинг амалга оширилиши 2025 йилда ишлаб чиқарилаётган энергиядаги қайта тикланувчи манбалар улушини 2016 йилдаги 12,7 фоиздан 19,7 фоизга оширишга имкон беради.