2020 йилнинг 1 мартидан автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС), автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС) ва автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГҚС) жамоат мақсадларига мўлжалланган, кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари (ҳожатхоналар) билан таъминланиши лозим. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 21 сентябрдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакатдаги мавжуд 4000 дан зиёд автоёқилғи қуйиш станцияларининг бор-йўғи 20 фоизи санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланган. Бу эса фуқаролар, шу жумладан туристларнинг кўплаб мурожаатлари ва шикоятларига сабаб бўлмоқда, дейилади қарорда.

Санитария-гигиена шохобчаларини ободонлаштириш тўғрисидаги талабларни бажармаган ва камчиликларни бартараф этмаган станцияларга газ ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш тўхтатилади, лицензияси ҳам бекор қилиниши мумкин.

Ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига уларни савдо нуқталари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бепул Wi-Fi зоналари билан жиҳозлаш тавсия қилинди.

2020 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш шохобчалари. Wi-Fi зоналари ва санитария-гигена узеллари билан таъминланган биттадан намунавий АЁҚС, АГҚС ва АГТКСлар ташкил этилиши лозим.

Қўшимча равишда сервис объектларини тадбиркорлик объектларига беғараз асосда бериш учун «Servis area» тоифасига (автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари, умумий овқатланиш объектлари. Мотеллар, техник сервис пунктлари, автомобилларни ювиш шохобчалари, дўконлар, санитария-гигиена шохобчалари ва wi-fe нуқталар) ва «Servis point» тоифасига (автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, дўконлар, санитария-гигиена шохобчалари) ажратган ҳолда жойлаштиришнинг намунавий мастер-режасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.