Вазирлар Маҳкамасининг 19 сентябрдаги қарори билан собиқ Чорсу меҳмонхона мажмуаси сотувга қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар қилди.

Собиқ меҳмонхона мажмуаси «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда сотувга қўйилган бўлиб, аукцион босқичи 100 млн сўмни ташкил этади. Аукцион савдоси шартларига кўра, сармоядор 2 йил муддатда энг камида 25 млн доллар инвестиция киритиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 9 мартдаги шартномага кўра, собиқ «Чорсу» меҳмонхона мажмуаси «Inter Tourism» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонага 2017 — 2019 йиллар мобайнида ҳукумат кафолатисиз 33,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали 270 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона мажмуасини қуриш ва 350 та янги иш ўринини яратиш шарти билан сотилган эди.

Хорижий корхона томонидан олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 2 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилинган.