Бу ҳафта Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини 2020−2030 йилларда ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг халқ орасидаги муҳокамаси ниҳоясига етади. Мазкур ҳужжат бир қатор революцион низомларни ўз ичига олган бўлиб, Стратегия қабул қилинганидан сўнг уларнинг амалга оширилиши мамлакатдаги муҳим соҳасининг кўринишини тубдан ўзгартириб юборади. Бу ҳужжатни халқаро экспертлар қандай баҳолашмоқда? Шу савол билан биз қишлоқ хўжалик масалалари бўйича етакчи иқтисодчи, Жаҳон Банкининг Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалик дастури координатори Сергий Зоряга мурожаат қилдик. Унинг фикр мулоҳазаларини биз қуйидаги матнда келтирамиз.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ва аҳолисининг фаровонлиги учун улкан аҳамият касб этади. Мамлакат ялпи ички даромадининг учдан бир қисмидан ортиқроғи қишлоқ хўжалигининг ҳиссасига тўғри келади. Соҳада 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли иш билан банд, ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга сотишдан тушган тушумлар Ўзбекистоннинг умумий экспорт даромадларининг 25 фоизигача ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаси шу билан бирга бутун мамлакат бўйлаб кўплаб қишлоқлар ва кичик шаҳарларнинг иқтисодий ўзаги ҳисобланади, зеро у жойларда қишлоқ хўжалигидан ташқари бошқа муқобил даромад манбалари мавжуд эмас.

Ўзбекистон чет элликларга ўзининг Буюк Ипак Йўли бўйлаб жойлашган қўҳна шаҳарлари билан, ва албатта, ўз пахтаси ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан машҳур. Шу сабабли қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш мамлакатга келгусида янада кўпроқ фойда келтириши кутилмоқда.

Бир йил аввал янги ишим доирасида Тошкентга эндигина кўчиб ўтганимда, мен қишлоқ хўжалигининг катта салоҳияти борлигини таъкидлаган эдим. Бу ҳақда менинг Жаҳон Банкидаги ҳамкасбларим ва ҳукумат вакиллари ҳам гапиришганди. Бироқ яқин йиллар орасида мазкур соҳа қандай ривожланиши бўйича стратегик концепцияга эга аниқ бир режанинг йўқлиги мени иккилантирган эди. Қишлоқ хўжалигини бошқариш учун, бугунги кундаги бозор шароитларида иш бермайдиган, эскирган усуллардан фойдаланилаётгани яққол кўриниб турарди.

Қишлоқ хўжалигини (ва ҳар қандай соҳани) ривожлантириш учун аниқ режанинг мавжудлиги мазкур соҳанинг ўрта ва узоқ муддатли ривожланиши учун муҳим элемент ҳисобланади. Мен буни ўзимнинг Жаҳон Банкидаги ўн беш йиллик, 25 дан ортиқ мамлакатда, жумладан сўнгги беш йилда жадал ривожланаётган Шарқий Осиё мамлакатларида орттирган, тажрибамдан келиб чиқиб билардим. Мен дунёнинг айнан шу қисмида, агар мамлакатда аслида мавжуд маълумотларга асосланган узоқ муддатли стратегик режа бўлса, қишлоқ хўжалиги саноати соҳасида ижобий натижаларни анчагина тез кўриш мумкинлигига амин бўлдим.

Вьетнам, мен аввал фаолият юритиш имкониятим бўлган мамлакатлардан бири бўлиб, қишлоқ хўжалигини реструктуризациялаш режаси ёрдамида фақат ички бозор ва гуруч етиштиришга йўналтирилган натурал қишлоқ хўжалигидан бозор ва диверсификацияланган ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга йўналтирилган қишлоқ хўжалигига ўтишга муваффақ бўлди.

Шундай қилиб 2010 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Вьетнамнинг қишлоқ хўжалик озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти икки баробардан кўпроққа — 17 дан 40 миллиард АҚШ долларига — ўсди. Бу натижаларга 6,5 миллион гектар ер майдонида қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштириш туфайли эришилди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, қишлоқ хўжалик ер майдонлари қарийб 4 миллион гектарни ташкил қиладиган Ўзбекистонда 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошмади.

Қишлоқ Хўжалиги Вазирлиги жорий йилнинг 13 сентябрида халқ муҳокамасига қўйган, Ўзбекистонда 2020−2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегияси лойиҳаси, иқтисодиёти қадимдан қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасининг самарадорлигига боғлиқ бўлган мамлакатнинг мазкур соҳасида жиддий ўзгаришларни бошлаш учун реал имкониятларни яратади.

Мазкур Стратегияни «трансформацион» деб дадил айтиш мумкин. Агар бу ҳужжатни ўрганиб чиқилса, у мамлакатдаги, вазиятни тузатиш учун кечиктириб бўлмайдиган чораларни талаб қилаётган, қишлоқ хўжалигидаги ҳақиқий аҳволни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилганлиги яққол кўринади. Унда соҳани ривожлантириш бўйича аниқ мақсад бор, ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат сектори ва қишлоқларни келгусидаги 10 йилда ривожлантириш режаси кўзда тутилади.

Мазкур Стратегиянинг энг муҳим томонларидан бири бу давлатнинг ролини камайтириш ва соҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида ҳукуматнинг аниқ ифодаланган мақсадидир. Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш секторини модернизация ва диверсификацияси учун мамлакатдаги хусусий сектордан келадиган ва чет эл инвестицияларини рағбатлантириши керак.

Агар Стратегия ҳозирги версиясида қабул қилинса давлатнинг эмас балки фермернинг манфаатлари ахири биринчи ўринга қўйилади.

Стратегия, фермерлар ва агробизнесга қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишга кўмаклашувчи, давлат чора-тадбирларига эътибор қаратади, ва, ўтган йилларда у ҳақда кўп гапирилган, соҳанинг улкан салоҳиятини амалга ошириш имкониятини беради. Мамлакат иқтисодиётидаги бундай муҳим соҳадаги ислоҳотлар, шубҳасиз, иқтисодиётни либераллаштириш ва Ўзбекистоннинг миллионлаган фуқаролари учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган сиёсатни давом эттиришга ёрдам беради.

Халқаро тажрибаси ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги учун янги ғоялар билан ўртоқлашиб, Жаҳон Банки Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро донорлар ва ҳамкорлар билан биргаликда мазкур Стратегияни ишлаб чиқишда иштирок этди. Бу кўп давлатларда одатий амалиёт. Бу каби ҳужжатлар ишлаб чиқарилаётган пайтда, манфаатдор вазирликлар ва бошқармалар донор ташкилотларни ушбу ҳужжатларнинг муҳокамасида иштрок этишга ундашади.

Бироқ шахсан менда Қишлоқ Хўжалик Вазирлигининг Стратегияни ишлаб чиқаришдаги профессионал ёндашуви катта таассурот қолдирди. Бошқа вазирликлар, бошқармалар ва манфаатдор тарафлар билан бўлган очиқ консультациялар чоғида, вазирликнинг мутахассислари халқаро тажрибани синчковлик билан таҳлил қилишди ва уни Ўзбекистон шароитларига мослаштиришди, ва бу нарса ҳужжатдаги низомларларнинг прогрессив табиатида ўз аксини топган.

Стратегиянинг халқ орасида муҳокамаси тугашига саноқли кунлар қолди, ва ҳар бир фуқарода ҳали, мамлакатнинг келажаги учун улкан аҳамиятга эга бўлган, бу сиёсий ҳужжат доирасида ўз фикр ва таклифларини айтиш имконияти бор.

Жаҳон Банки бошқа халқаро донор ташкилотлар ва ҳамкорлар билан биргаликда мамлакат қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматга молиявий ва техник ёрдам беришни давом эттиради. Биз, соҳанинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, бу ерда минглаган янги иш ўринларини яратишга кўмаклашиш ва қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган, мазкур Стратегиянинг маъқулланиши ва тадбиқ қилинишини сабрсизлик билан кутмоқдамиз.