2019 йилнинг 22 сентябрь куни соат 13 дан 12 дақиқа ўтганда Тошкент вилояти Қибрай тумани Салар шаҳарчаси Тинчлик маҳалласида жойлашган Боғдорчилик-узумчилик ширкатига қарашли ҳудудда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабар берди.

Ёнғинни бартараф этишга битта ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Бўлинма воқеа жойига 12 дақиқада етиб борганда, очиқ майдонда қуруқ ўт ёнаётгани маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин бартарф этилиб, аланга майдони кенгайиши олди олинган. Ёнғин оқибатида 60 кв.метр майдонда қуруқ ўт ёнган.

Аянчлиси, ёнғинни бартараф этиш вақтида 1944 й.т. фуқаро Б.А.нинг куйган ҳолдаги жасади топилган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.