Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўртадасидаги шартнома ўзаро келишувга асосан бекор қилинди. Миллий терма жамоада бундан буён Вадим Абрамов бош мураббий сифатида фаолият олиб боради. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

ЎФА мураббийлар кенгаши шу кунгача «Бунёдкор»да ишлаб келган Вадим Карленович номзодини маъқуллади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу мутахассис бошчилигида Қатар яшил майдонларида ўтган Осиё кубоги-2011да қитъа биринчиликларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этган.

Вадим Абрамовга мураббийлар штабида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида узоқ йиллар муваффақиятли ўйин кўрсатган ва эндиликда мураббийлик соҳасида ҳам қисқа вақт ичида тез ўсишга эришиб, мухлислар ишончини қозонишга улгурган Тимур Кападзе ёрдам беради.

Шунингдек, ўзбек футболи мухлисларига яхши таниш бўлган австралиялик тажрибали мутахассис Мирко Йеличич футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги билан шуғулланади. Дарвозабонлар билан эса Денис Иванков ишлашда давом этади.