22 декабрь — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Марказий сайлов комиссияси (МСК) 20 сентябрь куни бу ҳақдаги қарорни қабул қилди.

Худди шу кундан сайлов кампанияси бошланиши эълон қилинди ва сайловни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар — «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси ва Экологик партия.

2019 йилдаги сайловлар илк бор янги Сайлов кодексига мувофиқ равишда ўтказилади. Унга кўра, сиёсий партиялар эндиликда нафақат 135 та, балки барча 150 та сайлов округида номзодларни илгари сура олади. Экологик ҳаракат учун квоталарнинг бекор қилиниши партиялараро рақобатни кучайтириши кутилмоқда.

Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи, шулардан икки миллондан зиёд ёшлар илк бор, овоз беради.

Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2014 йил декабрида тўртта сиёсий партия ва Экологик ҳаракатдан беш йил муддатга сайланган 150 нафар депутат доимий асосида фаолият кўрсатмоқда. ЎзЛиДеП 52, «Миллий тикланиш» — 36, ХДП — 27 ва «Адолат» — 20 ўринга эга. Экологик ҳаракатга автомат равишда 15 ўрин ажратилган.