2020−2030 йилларда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни аукцион орқали бериш, ижара шартномаларини фақатгина суд орқали тўхтатиш, пахта ва буғдой учун давлат буюртмасини бекор қилиш, агросаноат секторида давлат-хусусий шерикчиликни (ДХШ) жорий этиш ҳамда илм-фанни ривожлантиришни кўзда тутади.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев журналистлар билан учрашувда ҳужжатнинг муҳим бандлари ҳамда қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш зарур бўлган фундаментал ўзгаришлар тўғрисида сўзлаб берди.

Стратегиянинг устувор йўналишлари

Стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро ва миллий экспертлар иштирок этди. Улар фермерлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари муаммоларини ўрганиб, қишлоқ хўжалигининг давлат томонидан бошқарилишига оид занжирларни таҳлил қилди. Стратегия мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмларини ўз ичига олади. Уни амалга ошириш учун ўнлаб норматив ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Ҳужжат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишбилармонлик учун қулай муҳит яратиш, давлат ролини камайтириш ва инвестиявий жозибадорликни ошириш, давлаб бошқарувининг замонавий тизимлари, илм-фан, таълим, қишлоқ жойларини ривожлантириш ҳамда ишончли статистика тизимини ишлаб чиқишга устувор аҳамият беради.

Фото: Шоназар Қориев / ЎзА

Стратегияга кўра, 2030 йилгача қуйидаги ўсишларга эришилади:

  • агроозиқ-овқат маҳсулотлари экспортини йилига 20 млрд долларгача ошириш (2018 йилда 2,3 млрд доллар);
  • қишлоқ хўжалигида меҳнат самарадорлигини ҳар бир қишлоқ хўжалиги ходимига нисбатан йилига 8000 долларга етказиш (ҳозирда — 3900 доллар);
  • озиқ-овқат ва енгил саноатда бандлар сонини 20 фоизга етказиш (6 фоиз);
  • экспортда қайта ишланган маҳсулотлар ҳажмини 40 фоизга етказиш (25 фоиз);
  • қишлоқ хўжалигида тадқиқотлар учун давлат харажатларини 1 фоизгача ошириш (0,2 фоиз);
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар умумий майдонининг 40 фоизигачасини (5 фоиз) сувни тежовчи технологиялар билан қамраб олиш;
  • озуқа экинлари етиштириладиган майдонлар ҳажмини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган жами ерларнинг 15 фоизига етказиш (7 фоиз).

Бундан ташқари, стратегия юқори даражада шўрланган ерлар майдонини 37 фоизгача (2018 йилда 45 фоиз) қисқартириш ҳамда озиқ-овқат тақчиллигига барҳам беришни ҳам кўзда тутади.

«Ушу ўзгаришларга эришиш учун қишлоқ хўжалигида, аниқ қилиб айтганда рухсатномалар, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда давлат бошқаруви ҳамда фермерлар, кластерлар ва бошқа субъектларнинг ерга эгалик ҳуқуқи соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш зарур. Биз қишлоқ хўжалиги ва ерга эгалик ҳуқуқи устидан давлат назорати масаласини ҳал эта олмас эканмиз, ушбу стратегияда ҳеч нарсага эриша олмаймиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эгалик ҳуқуқи

Стратегия лойиҳасига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар давлат мулки бўлиб қолаверади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни тақдим этиш ва олиб қўйиш бўйича ҳокимлар ваколатлари чекланади ва шаффофлашади. 2020 йилда ҳудудлар раҳбарлари ер участкаларини қишлоқ хўжалиги субъектлари, шу жумладан хорижий компанияларга танлов асосида ва онлайн-аукционлар орқали беришни кўзда тутувчи тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда ердан фойдаланиш шартномасини фақатгина суд қарорлари ва қишлоқ хўжалиги ерларидан маҳрум этиш борасида қабул қилинган халқаро стандартлар бўйича бекор қилиш мумкин бўлади.

Фото: Муқимжон Қодиров / ЎзА

Вазирнинг сўзларига кўра, кўплаб мамлакатларда ижара шартномаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг экологик ҳолати бузилгани ва улардан бошқа мақсадларда фойдалангани ортидан бекор қилинади.

«Бу маҳаллий ва хорижий инвестор пулларининг ҳавога учмаслигини ҳис этишлари учун муҳим. Бу — фундаментал ўзгариш», — деди у.

Ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар ҳажмини ошириши ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар сифатининг яхшиланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

«Ҳозирда фермерлар ва кластерларда ушбу ерлардан узоқ муддатли истиқболда фойдаланишга ишонч йўқ. Таҳлилларимизга кўра, 7000 га яқин фермерлар ерларга ўртача бир ярим йил эгалик қилмоқда. Бу уларда ушбу ерларга мулк сифатида қараш ҳисси йўқлигини англатади… Биз биринчи навбатда ушбу ерлар холиc ва ҳаққоний тақсимланиши ёки узоқ муддатга ижарага берилишини хоҳлаймиз», — дея таъкидлади Жамшид Ходжаев.

2021 йилда «биринчи воз кечиш» механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ер участкалари биринчи навбатда қўшни ер эгаларига таклиф этилади, улар воз кечган тақдирдагина участкалар бошқа ер эгалари учун тақдим этилади.

2022 йилда субижара ва ижара ҳуқуқини бериш механизмларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Натижада ижарачилар ва субижарачилар умумий сонининг 20 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Жамшид Ходжаев қора бозорда қишлоқ хўжалиги ерлари нархи уларнинг сифати ва инфратузилмалар мавжудлигига боғлиқ эканини таъкидлади. Бироқ бу ҳужжатларда акс эттирилмайди ҳамда фермерлар ва кластерлар учун катта муаммо ҳисобланади.

Шунинг учун 2023 йилда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр қийматлари ва солиққа тортиш тизимларини қайта кўриб чиқиш, иккиламчи қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини яратиш ҳамда узоқ муддатли ижара ҳуқуқидан гаров сифатида фойдаланишни жорий этиш режалаштирилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги ерлари капитализациясининг ўсиши таъминланади.

Давлат харидлари тизими

Бугунги кунда фермерларга нима экиш, қандай ва қанча миқдордаги техника, ўғитлар ва уруғларни сотиб олишни давлат ҳал қилади, дея қайд этди қишлоқ хўжалиги вазири. Бунинг учун ҳукумат «Агробанк» давлат банкига Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 9 трлн сўм қарз ажратмоқда.

Стратегия лойиҳаси пахта ва буғдой секторини демонополизация қилишни кўзда тутади. Бунинг учун ерларни кластер ва кооперацияларга тақдим этишнинг ўзи етарли эмас. Пахта ва буғдой маъмурчилиги механизмларини ҳам тубдан ўзгартириш керак.

Фото: Муқимжон Қодиров / ЎзА

«Президент вазир этиб тайинлаганидан кейин олдимга қўйган биринчи вазифаси пахта ва буғдой ортидан қувиш эмас, балки қишлоқ хўжалиги тизимини иқтисодиёт ва бозор нуқтаи назаридан ислоҳ қилувчи стратегияни ишлаб чиқиш бўлган», — деди Жамшид Ходжаев.

Ҳозирда пахта ва буғдойни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан давлат тузилмалари шуғулланмоқда. «Ўздонмаҳсулот» ва «Ўзпахтасаноат» компаниялари ўз йўналишида сиёсат юритиб, айни шу сиёсатни ўзлари адо этмоқда (ўзи топшириқ бериб, уни ўзи бажармоқда). Стратегия ушбу корхоналарнинг хусусийлаштирилиши ҳамда 2021 йилда давлат пахта ва буғдойни сотиб олишдан воз кечишини кўзда тутади.

Стратегия лойиҳаси давлатнинг бозорда, жумладан буғдой борасида интервенцион механизмларга ўтишини таклиф қилмоқда. 2020 йилдаёқ буғдой бозорида интервенцияни амалга ошириш учун Инвентенция жамғармасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Буғдой харидлари давлат томонидан фақатгина интервенция жамғармасини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади. Бунда давлат бозор нархида сотиб олаётган буғдой ҳам маҳаллий, ҳам импорт буғдойи бўлиши мумкин. Давлат фақатгина юқори тебранишлар кузатилаётган вақтдагина буғдой нархи хилма-хиллигига аралашиши мумкин. Қолган барча ҳолатларда буғдой нархи хилма-хиллиги бозор тамойиллари ва бозордаги конъюнктурага мос равишда таъминланади. Интервенция механизмлари турли омилларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Ўзбекистонда пахта етиштириш ва қайта ишлаш учун барча инфратузилмалар ва ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд, дея ишонч билдирди Жамшид Ходжаев. Бироқ, стратегия лойиҳасига кўра, фермерлар пахтани хусусий сектор буюртмасига мувофиқ етиштиради. Корхоналарнинг ўзлари нархни белгилайди, ишчи кучини тўплайди ва бошқа ишлаб чиқарувчилар билан рақобат қилади.

«Пахтага нисбатан биз шок оқибатларсиз трансформацияни амалга оширишни хоҳлаймиз, бироқ талабчанлик билан ва қисқа муддатларда», — дея қўшимча қилди қишлоқ хўжалиги вазири.

Барча ўсимликлар учун нархлар хилма-хиллиги 2021 йилда бозор механизмларига ўтказилади. 2022 йилда эса Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини молиялаштириш тамойиллари ислоҳ қилинади.

Ҳозирда жамғарма пахта ва буғдой етиштиришдаги ёқилғи-мойлаш воситалари, уруғ, агротехник тадбирлар каби 12 та харажатлар банди бўйича маблағ ажратмоқда. Уни маблағларни кейинчалик фермерларга қайта молиялаштиришга йўналтиришлари учун банкларга бериш тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу вақтинчалик механизм бўлиб, кейинчалик мамлакат мақсадли дастурларни молиялаштиришга ўтади.

Қишлоқ хўжалиги субсекторларини ривожлантириш ва қишлоқ жойларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсадли дастурларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш учун Жамарма Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилади.

Стратегия лойиҳасига кўра, 2023 йилда барча қишлоқ хўжалиги экинларини эркин жойлаштириш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу жамғарма харажатлари ва йўқотишларини қисқартиришга, қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг йиллик ўсишини 4 фоизга етказишга олиб келиши кутилмоқда.

Сув ресурслари

Мамлакатдаги сув ресурсларининг 85 фоизга яқинидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланилмоқда. Ушбу сувларнинг энг камида 30 фоизи буғланиш ва бошқа сабаблар билан далаларга етиб бораётгани йўқ. Фақатгина 5 фоиз суғориладиган ерларда сувдан самарали фойдаланиш тизимларидан фойдаланилмоқда. Жамшид Ходжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига ЯИМнинг 3 фоизи йўналтирилмоқда, бошқа давлатларда эса бу кўрсаткич 1 фоизни ташкил этади.

«Қишлоқ хўжалигидаги 70 фоизга яқин харажатлар ирригация тизимига кетади. Ирригация тизими ичидаги харажатларнинг 70−80 фоизини эса электр энергияси ташкил этади», — деди вазир.

Жамшид Ходжаев жорий йил охирига қадар 2020−2030 йилларда Сув хўжалигини ривожлантириш концепциясини қабул қилиш, келгусида эса Сув ресурслари ва ирригация секторини бошқариш стратегияси ишлаб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, Ер ости сувлари истеъмолчиларининг ягона статистик ҳисобдорлигини жорий этиш режалаштирилмоқда.

2020 йилда вертикал ва ер ости мелиорация технологиялари ҳамда тупроқнинг шўрланиш босқичларини мониторинг қилиш тизимларини жорий этиш бошланади. Сув тежовчи технологиялар миллий ишлаб чиқарувчилари ва харидорларини қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиш режа қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазири ирригация инфратузилмаларини қисман кластерлар, кооперативлар ва бошқа объектларга беришни ўз ичига олган ирригация ва мелиорацияда давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаларини сув ресурслари тизимидаги муҳим ўзгаришлардан деб атади. Хусусий сармоядорларнинг ирригация инфратузилмаларини қайта тиклашга инвестиция киритиши давлат бюджетининг операцион харажатлари ва сув йўқотишларини қисқартиришга хизмат қилади.

Фото: Сирожиддин Аслонов / ЎзА

«Ҳеч бир аграр давлатда ирригация тизимларини модернизация қилиш учун бюджет маблағлари етишмайди. Ҳозирда давлат харажатлари жорий муаммоларга йўналтирилмоқда, модернизация учун эса маблағлар етишмайди. Бу бизнес оммабоп бўлиши ва хусусий сектор учун ўзини оқлаши лозим. Агарда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари насослар ўрнатишни ва ирригация тизимини такомиллаштиришни хоҳлашса, биз уларга бундай имкониятни беришимиз керак», — деди Жамшид Ходжаев.

Таълим ва илм-фан

«Фермерларни ўқитмасдан туриб қишлоқ хўжалиги ва агросаноат комплексини функционал ўзгартириш, таълим ва илмий-тадқиқот марказларига йўналтирилаётган давлат харажатлари миқдорини оширмасдан туриб [стратегияни] амалга ошира олмаймиз», — деб ҳисоблайди Жамшид Ходжаев.

Стратегияни амалга оширишнинг дастлабки босқичида Уруғчилик маркази ҳамда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда.

2020 йилда Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотлар бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги учта илмий-тадқиқот институтини модернизация қилиш ҳамда таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти тизими харажатларини ошириш кўзда тутилмоқда.

2021 йилда халқаро стандартлар бўйича миллий ген банкини тузиш режа қилинмоқда. Стратегия лойиҳасига кўра, 2022 йилда аграр соҳасидаги таълим тизими ва илмий-тадқиқот институтлари ДХШни жорий этиш ҳамда давлат ОТМлари ва ИТИларни оптималлаштириш орқали ислоҳ қилинади.

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш

Жамшид Ходжаевнинг сўзларига кўра, ахборот ва инновацион технологияларсиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиб бўлмайди. Стратегия лойиҳасига кўра, 2025 йилгачаёқ маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва сақлаш ахборот технологиялари ёрдамида амалга оширилади, қишлоқ хўжалиги рўйхатга олиб чиқилади. 2025 йилда ҳайвонларни мажбурий идентификация қилиш ва улар ҳаракати мониторинги тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги вазирининг сўзларига кўра, сунъий йўлдош орқали ўрганиш тизими ҳам ишлаб чиқилмоқда. Келгуси йилдан ишга туширилиши режалаштирилган ушбу тизим ёрдамида тупроқ таркибини ўрганиш, энг мақбул экин тури ва зарур ўғитларни танлаб олиш имконияти пайдо бўлади.

Стратегиянинг муҳокама қилинаётган талқини қишлоқ жойлари учун махсус мўлжаллаб ташкил этилган корхоналар ҳисобидан қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришни таклиф этмоқда.

Стратегия лойиҳаси чорвачиликни ривожлантиришни кўзда тутади. Бироқ, Жамшид Ходжаевнинг сўзларига кўра, чорвачиликка сармояларни жалб этиш учун озуқа экинларини етиштириш учун ерларга эгаликнинг фундаментал кафолатлари зарур.

Фото: Муқимжон Қодиров / ЎзА

«Экспортни ошириш, чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш қишлоқ хўжалиги секторида зарур бўлган фундаментал ўзгаришларга боғлиқ. Биз 30 йил бир хил режимда ишлашга ўрганиб қолдик. Бироқ ердан фойдаланиш бўйича ушбу ислоҳотларсиз биз қишлоқ хўжалигида коррупцияга қарши курашиш, инновацияларни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни икки баробарга оширолмаймиз. Бозор механизмларига ўтмасдан туриб бюджет харажатлари тузилмасини ўзгартира олмаймиз», — деди қишлоқ хўжалиги вазири.