Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар йўловчи транспорти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш тўғрисидаги тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Ҳужжатда хабар қилинишича, ўтган йилнинг тўртинчи чораги ва жорий йилнинг биринчи чорагида «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси тузилмасидаги Тошкент автобус саройларида 38,715 млрд сўм, «Тошкент метрополитени»да эса бутун 2018 йил давомида ва 2019 йилнинг биринчи чорагида 9,011 млрд сўм миқдорида қарздорлик ҳосил бўлган.

Қарорда Молия вазирлиги ва ҳокимиятга «Тошшаҳартрансхизмат» автосаройлари зарарларини республика ва пойтахт бюджетининг қўшимча манбалари, метрополитен қарзларини эса республика бюджетининг даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қоплаш топширилди. Ушбу қарзлар «Ўзбекнефтгаз» ташкилотлари томонидан етказиб берилган дизель ёқилғиси ҳамда сарфланилган электр энергияси ортидан вужудга келган.

Ҳукуматга икки ой муддатда «Тошшаҳартрансхизмат» ва пойтахт метрони молиявий соғломлаштириш ва зарарлар миқдорини минималлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.

Якшанба куни «Ко дну» Telegram-канали жамоат транспорти GPS-мониторинги натижаларига асосланиб кўп сонли автобуслар йўналишларга чиқмагани, ҳатто марказий ва асосий йўналишларда автобуслар орасида узоқ танаффуслар кузатилганини хабар қилди.

Худди шу куни кечқурун «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати турли сабабларга кўра аксарият трнаспорт машрутлари қисқартирилган жадвал асосида ишлаганини тан олди.