БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 19−25 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, дея хабар қилди БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси.

Махсус маърузачининг ташрифидан кўзланган мақсад ҳукумат судья ва адвокатлар мустақиллиги ва юрист касбида эркин фаолият юритилиши соҳасида қабул қилган чораларни баҳолашдан иборат.

«Ташрифим давомида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг судьялар мустақиллиги ва ҳокимиятлар ажратилганлиги каби принципларга мослигини баҳолаш мақсадида ҳукумат билан конструктив милоқот ўрнатиш ниятидаман, — деди Гарксия-Саян. — Адлия тизими доирасида судялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини эркин олиб бориш имкониятига эга бўлишлари ва вазифаларини бажариш чоғида ҳар қандай таҳдид, ишларига аралашув ёки босимдан ҳам қонунда, ҳам амалда муҳофазаланган бўлишлари лозим».

Эксперт 2017 йилда Судьялар Олий кенгаши мустақил, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва муҳофаза килиш борасида кенг ваколатларга эга орган сифатида барпо этилганини маъқуллади ва судяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, малакаларини ошириш ва интизомий чоралар кўриш учун масъул ушбу органнинг салоҳиятини ошириш борасида амалий тавсиялар беришни исташини маълум қилди.

«Шунингдек, мен юридик касбда мустақил фаолият олиб боришни, хусусан, Адвокатлар уюшмасининг ҳукумат ва бошқа ижроия органларидан мустақил эканлигини таъминловчи ҳуқуқий кафолатлар мавжудлигини ҳам баҳоламоқчиман, — деди Гарсия-Саян. — У ҳозирда юридик касб ва бу касб эгаларининг мустақиллиги ва изчиллигини таъминлаб ҳимоялашда ҳаётий аҳамиятга эга адвокатлар уюшмаларига бағишланган мавзули ҳисобот эълон қилган».

Ташриф давомида БМТ эксперти ҳукумат ва қонун чиқарувчи ҳокимият расмийлари, шунингдек судьялар, прокурорлар ва адвокатлар билан учрашади. У, шунингдек, фуқаролик жамияти, олимлар, БМТ агентликлари, донорлар ва дипломатик жамоа билан ҳам учрашади.

Махсус маърузачи натижалар ва тавсияларни ўз ичига олган тўлиқ маърузани Женевадаги Инсон ҳуқуқлари кенгашига 2020 йил июнь ойида тақдим этади.