Асоссиз чақириқлар тез тиббий ёрдам сифатига таъсир кўрсатмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда «тез ёрдам»га тушаётган мурожаатларнинг 30 фоиздан кўпроғини асоссиз чақириқлар ташкил этади.

«Буларнинг аксарияти сурункали касаллиги бор беморлардир. Пойтахтимиздаги „тез ёрдам“ хизматига уларнинг баъзилари йилига 500 мартадан ҳатто 1000 мартагача мурожаат қилади», — деди у.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслоновнинг таъкидлашича, сурункали касалликларни даволаш «тез ёрдам» шифокорларининг вазифаси ҳисобланмайди.

«„Тез ёрдам“ шифокори касалликнинг ҳаёт учун хавф солиши мумкин бўлган белгиларини бартараф этади, холос. Бу беморга вақтинча енгиллик беради. Бемор дарддан тўла халос бўлиши учун умумий амалиёт шифокори назоратида туриб ёки шифохонада ётиб даволаниши керак», — деди у.

Ана шундай асоссиз чақириқлар туфайли «тез ёрдам» хизматида тиғизлик юзага келади. Натижада шошилинч тиббий ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлган беморларга ўз вақтида етиб бориш имконияти чекланмоқда, дея таъкидлади Илҳом Аслонов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, «тез ёрдам»ни дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш сўнгги уч йил ичида 5,2 баробарга кўпайди. Бугунги кунда ҳар 13 минг нафар аҳолига битта «тез ёрдам» машинаси тўғри келади. Бу халқаро стандартларга тўла мосдир.