2019 йилнинг 16 сентябрь куни «Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан хомашёни қайта ишлаш асосида бозор талабларига мос тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг 2020−2025 йилларга мўлжалланган мақсадли параметрлари тасдиқланди.

Шунингдек, қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан:

божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни олиб чиқишда экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида;

экспорт қилинадиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

2020 йил 1 январдан:

ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60 фоиздан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январгача мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади;

тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал, ва мўйначилик корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси етти йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича xаражатлар суммасига камайтирилади;

чорва молларини сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январгача ер солиғи тўлашдан озод этилади;

«Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзчармсаноат» уюшмаларининг хорижий консультантлари Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини унинг белгиланган ставкасидан 50 фоиз миқдорида тўлайди.