Апрелдан буён Давлат активларини бошқариш агентлигига раҳбарлик қилиб келаётган Ахадбек Яхёбекович Ҳайдаров Ўзбекистон молия вазирининг давлат бюджети ва халқаро молиявий муносабатлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.Фото: Молия вазирлиги.

Ахадбек Ҳайдаров ушбу лавозимга Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори этиб тайинланган Баҳром Ашрафхонов ўрнига тайинланди.

Ахадбек Ҳайдаров (1971 й. т.) — Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси (1994). 2017−2019 йилларда молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Турли йилларда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раисининг биринчи ўринбосари ва «Микрокредитбанк» раҳбари лавозимларида фаолият кўрсатган.

2018 йилдан буён қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Абдимухтор Эргашевич Эргашев молия вазирининг агросаноат мажмуаси масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Абдимухтор Эргашев (1977 й. т.) — Термиз давлат университети (2000), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2004) ҳамда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (2009) битирувчиси.