19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионатининг финал босқичи илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Мусобақа 2020 йил 14−31 октябрь кунлари бўлиб ўтади, дея хабар қилди Ўзбекистон Футбол ассоциацияси матбуот хизмати.

17 сентябрь куни Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида ОФК Мусобақалар қўмитасининг илк йиғилиш ўтказилди ва унда U-19 Осиё чемпионати баҳсларини қабул қилиш учун ариза берган мамлакатлар ичида Ўзбекистон номзоди маъқулланди.

Ноябрда Саудия Арабистонида 2020 йилги Осиё чемпионати саралаш учрашувлари бўлиб ўтади. Ҳозирда Ўзбекистон жамоаси Иорданияда тайёргарлик кўрмоқда ва бугунга қадар ушбу мамлакат терма жамоаси билан икки бор ўртоқлик учрашувини ўтказди.

Сентябрь бошида футбол бўйича Ўзбекистон U-23 олимпия терма жамоаси Тошкентдаги ўртоқлик учрашувида Эрон жамоаси устидан йирик ҳисобда ғалабага эришган эди. Учрашув 4:1 ҳисобида якунланди.