2019−2020 йилларда Самарқанд халқаро аэропортида хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун янги терминал қурилади ва учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилиниб, самолётлар тураргоҳини кенгайтирилади ҳамда радиолокация тизимлари такомиллаштирилади. Янги қоплама ётқизилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳалар амалга ошгач, аэропортда соатига 600 нафар хорижий ва маҳаллий меҳмонларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Аэропорт замонавий қиёфага киргандан сўнг бир кунда 20 дан ортиқ рейс амалга оширилади.

Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Самарқанд халқаро аэропортини замон талабларига мос даражада реконструкция қилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, қолаверса сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилганди.

Мазкур вазифа ижроси доирасида Самарқанд халқаро аэропортида соҳа мутасаддилари иштирокида белгиланган лойиҳалар ўрганиб чиқилди ва юқоридаги вариант танланди.