17 сентябрь куни Наманган вилоятидаги «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокидаги стратегик қўмондонлик штаб машғулотлари доирасидан ўрин олган «Марказ — 2019» ўқувига старт берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.


Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ушбу ўқув машғулотлари давлатлар ўртасидаги ҳарбий муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳамда жанговар тайёргарликни оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, ўқув-машғулотларида иштирок этаётган ўзбек ва тожик ҳарбийларига муваффақият тилади.


Тожикистон Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода Неъматулло ҳам «Ғурумсарой» полигонида ташкиллаштирилаётган «Марказ — 2019» ўқув-машғулотларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг ҳамкорлигида ташланган навбатдаги қадам бўлишини айтиб, тадбир ташкилотчиларига дўстона кутиб олиш тадбирлари учун ўз миннатдорчилиги билдирди.

Шунингдек, ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар номидан сўзга чиққан ўқув-машғулот қатнашчилари ўзларига билдирилган ишончни аъло даражада бажаришга сўз беришди.

Куннинг иккинчи ярмида Тожикистондан ташриф буюрган меҳмонлар учун Қўқон шаҳри тарихий обидалари бўйлаб экскурсия уюштирилди. Унда қўшни давлат ҳарбийлари узоқ асрлик ўтмишимиздан сўзловчи тарихий мажмуалар ва музейлар билан танишишди.


Эслатиб ўтамиз, «Марказ — 2019» ўқув машғулоти доирасида Россияда бўлиб ўтадиган амалий ҳаракатлар билан бир вақтда Наманган вилоятида жойлашган «Ғурумсарой» полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари томонидан шартли равишда жанубий сарҳадларга суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қарши ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ҳам ўтказилади.