Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Шаффоф омадли саноат» хусусий корхонасига ташриф буюрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Компания йилига 230 минг дона метан ва 250 минг дона пропан ускуналари, 300 минг дона бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаради.

Мазкур корхонада келгуси йилдан юк ташувчи каралар, 2021 йилдан электромобиллар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Хитойнинг Silk Road Company компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 24 миллион доллари хорижий инвестициядир.

«Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда ишлаб чиқариладиган экологик тоза электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлади. Улар нефть маҳсулотлари чекланган шароитда муҳим аҳамият касб этади», — дейилади хабарда. Автомобилларнинг техник тафсилотлари ошкор қилинмади.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган ушбу эркин иқтисодий ҳудуд қарийб 710 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда машинасозлик, тўқимачилик, электр техникаси, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 180 миллион долларлик 94 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда 52 миллион долларлик 29 та лойиҳа фойдаланишга топширилган, 1 минг 700 га яқин иш ўринлари ташкил этилган. Жорий йилнинг саккиз ойида эркин иқтисодий зона резидентлари томонидан жами қиймати 407 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 3,3 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган.