Ўзбекистон Марказий банки молиявий оммабопликни ошириш бўйича Молиявий оммабоплик альянси (AFI) аъзолари сиёсатининг асосий йўналишларини акс эттирувчи «Майя декларацияси»га қўшилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар қилди.

Марказий банк делегацияси 11−13 сентябрь кунлари Руандада «Аёллар ва ёшларни жалб қилиш учун технологиялардан фойдаланиш» шиори остида бўлиб ўтган AFI йиллик форумида декларацияга аъзо бўлди. Ўзбекистон «Майя декларацияси»ни қабул қилган 78-давлат бўлди.

МБ ўзига 2020 ил январига қадар молиявий оммабопликни ошириш Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш мажбуриятини олди. У лаҳзалик тўлов тизимларини жорий этиш, шахслар кимлигини масофадан аниқлашни йўлга қўйиш ва таълимий сайтларни ишга туширишни ўз ичига олади.

AFI — дунёнинг 90 га яқин ривожланаётган давлатларининг молиявий органлари бошқарувчиларини бирлаштирган халқаро ташкилот. Альянснинг асосий вазифаси аҳолига молиявий хизматлар кўрсатилишини кенгайтириш бўйича чораларни ишлаб чиқишдан иборат. Ўзбекистон ўтган йилнинг августида AFI аъзосига айланди.