13 сентабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Франция фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Изабел Сервоз-Галлуччини қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қила туриб, вазир элчини тайинлов билан қутлади ва унга омад тилади.

Бўлиб ўтган суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон — Франция мулоқотини сифат жиҳатдан янги даражага кўтарган 2018 йилда Францияга расмий ташриф доирасидаги президент Шавкат Мирзиёевнинг президент Эммануел Макрон билан олиб борган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.

Сиёсат, иқтисод, туризм, маданият ва таълим каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан томонларнинг манфаатдорлиги тасдиқланди. Учрашувда ўзаро савдо ҳажмларини ошириш ва қўшма инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Франциянинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Виолен Бийет де Вильмор августда дипломатик миссиясини якунлади.