Хонободдан Мўйноқ сари яёв йўлга чиққан Соҳиб Ражабов 70 кун деганда қадимий Бухоро шаҳрига етиб келди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.

— Сафардан кўзлаган асосий мақсадим Ўзбекистоннинг тинч ва осойишта, хавфсиз юрт эканлигини, халқимизнинг меҳмондўстлиги, бағрикенглигини бутун дунёга кўрсатиш, — дейди у. — Йўл-йўлакай Ватанимизнинг бетакрор манзаралари, қадимий обидалари, осори-атиқаларини суратга туширяпман. Уларни ҳам замонавий алоқа воситалари орқали бутун дунёга намойиш этиш ниятидаман. Навоийдан Бухоро томон йўл олганимда бир умр ёдимда қоладиган кўплаб манзараларга дуч келдим. Масалан, йўл ёқасидаги сардоба ўзининг меъморий тузилиши билан мени мафтун этиб қўйди. Унинг ёнидаги бозорда бўлдим. Ишонасизми, ўзимни худди ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис этдим. Менинг ҳолатимни фақатгина юзлаб чақирим йўлни пиёда босиб келган кишигина тўлиқ тасаввур эта олиши мумкин.

Қаерда бўлмай, мени ватандошларимиз илиқ қарши олишмоқда. Кексаларимиз «Сафарингиз бехатар бўлсин», дея дуо қилиб қолишяпти. Мени ҳатто энг чекка қишлоқларда яшовчилар ҳам таниб қолишибди.

Соҳибжон Бухоро сафарини тугатиб, Газли шаҳри томон йўл олади. Газлидан то Нукусга қадар бўлган 450 километр йўлни босиб ўтади. Хонободдан то Мўйноққа қадар жами 2,5 минг километр масофа бор. Ҳозир бир минг 400 километр масофа ортда қолди.