10 сентябрь куни Фориш тоғ дала-ўқув майдонида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш чемпионатига старт берилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Мазкур чемпионатда 6 давлат — Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларуссь ва Тожикистон республикасидан келган ҳарбий жамоалар иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда республикамизда халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ҳарбий соҳада олиб борилаётган халқаро ҳамкорлик масалалари ривожланишнинг янги босқичга кўтарилгани яққол кўзга ташланмоқда. Ҳарбий хизматчилар нафақат жанговар тайёргарлиги, балки жисмоний тайёргарлигида ҳам халқаро майдонда нималарга қодир эканини амалда исботламоқда.

Чемпионатнинг очилиш маросимида сўз олганлар ҳамбу борадаги ютуқлар ва эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлайди, балки ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстона муносабат, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратиши билан ҳамаҳамиятлидир. Бунга урғу берган маърузачилар барча иштирокчиларга муваффақият тилади.

Шу куни мусобақага қуръа ташлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.