Ички ишлар органларининг кинология хизматлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори 2019 йилнинг 9 сентябрь санасида қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, ички ишлар органларининг хизмат итлари наслчилик питомниги, кинология хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимлари ҳамда туманлараро кинология гуруҳлари ташкил этилди, уларнинг вазифалари белгиланди.

Қарорга кўра:

оғир, ўта оғир, шахсга қарши жиноятларни хизмат итлари иштирокида фош этган кинология ходимига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида пул мукофоти берилади;

кинология бўлинмалари ходимлари учун ҳар йили Ички ишлар вазирлиги Академиясида сиртқи таълим олишга қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг бир фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади.

Қарор билан Ички ишлар вазирлигининг алоҳида хизмат кўрсатган ходимлар учун «3 — тоифали кинолог», «2 — тоифали кинолог» ва «1 — тоифали кинолог» идоравий кўкрак нишонлари таъсис этилди.

Шунингдек, қарор билан кинолог ходимларга қўшимча устама тўланадиган махсус малака тоифаси бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, махсус малака тоифаси учун тўлов меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг:

«3 — тоифали кинолог» учун — бир баравари миқдорида;

«2 — тоифали кинолог» учун — икки баравари миқдорида;

«1 — тоифали кинолог» учун — уч баравари миқдорида белгиланди.