Япониянинг «JTB Соrроrаtiоn» компанияси маркетинг бўлими бошлиғи, ижтимоий тадқиқот гуруҳи раҳбари Шоко Исуи хоним раҳбарлигидаги делегация аъзолари Бухоро вилоят ҳокимлигида бўлиб, вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров билан учрашишди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

«JTB Соrроrаtiоn» (Jараn Tourist Bureau) компанияси мамлакатда сайёҳликни ривожлантириш ва хорижлик меҳмонларга маданий-маиший хизмат кўрсатиш мақсадида 1912 йилда ташкил этилган бюро сифатида танилган. Ўзининг юз йилликдан зиёд тарихи даврида компания дунёнинг энг йирик 20 та нуфузли туристик агентликларидан бирига айланди. Бугунга келиб компания ер юзининг 39 та давлатида, Европа, Осиё ва Америка қитъасининг 143 та шаҳрида 500 дан ортиқ туристик офисига эга бўлди.

Халқаро сайёҳлик бозорида сервис ва консальтинг хизматларини кўрсатиш, ижтимоий тадқиқот ва кузатишлар олиб бориш, туроператорлар ишини мувофиқлаштириш ва долзарб мавзуларда семинар-тренинглар ташкил этиб, ёш мутахассисларни ўқитиш компания фаолиятининг асосий йўналишларидир.

Кейинги йилларда компания мутасаддилари Ўзбекистоннинг Бухоро, Хива, Самарқанд шаҳарларига жиддий қизиқиш билдиришмоқда. Кунчиқар мамлакат компанияси вакилларининг асосий мақсади бу шаҳарларда туризмни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш, соҳа истиқболини ўрганиш ва зарур тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Мулоқотда сайёҳликни равнақ топтиришда бизнес стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат ва хусусий шерикчилик соҳасида тенг манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Меҳмонларга 3 минг йиллик бой тарихга эга Бухоро шаҳри ва кўҳна шаҳарнинг туристик салоҳиятини оширишда бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Мулоқот якунида меҳмонлар делегацияси аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.