Бугун Туркиянинг Адана вилояти савдо палатаси бошқарув кенгаши вице президенти Юксел Байрам бошчилигидаги делегацияси Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25−26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2018 йил 29 апрель — 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифлари икки мамлакат муносабатларининг ривожланишига янги туртки берди.

Ушбу ташрифлар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берувчи келишувларга эришилди ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшиги очилди.

Хоразм вилояти ҳокими бошчилигидаги делегацияси жорий йилнинг 28 апрель — 3 май кунлари Туркиянинг Адана, Анталия ва Истамбул шаҳарларида бўлган эди. Ушбу ташриф давомида Адана шаҳар мэри Зейдан Каралар ва Адана провинцияси губернатори Махмут Демирташ билан учрашув ўтказилиб, икки вилоят ўртасида турли йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди ҳамда Адана вилоятининг саноат палатаси, тижорат биржаси ва саноат зонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон — Туркия бизнес форуми ўтказилди.

Мазкур бизнес форум якуни билан бир қатор инвестициявий келишувлар имзоланди:

«Делфинголд санайи ве Тижарет А.С.» компанияси томонидан 5,0 млн. доллар инвестиция киритилиши ҳисобига заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш лойиҳаси;

тадбиркор Дингер Ахмет томонидан 2,0 млн. доллар инвестиция киритиш ҳисобига Урганч шаҳридаги кичик туристик зонасида меҳмонхона қуриш лойиҳаси;

«ЖейКиБи» компанияси томонидан 10,0 млн. доллар инвестиция киритилиши ҳисобига азорасп туманида дастлаб 1500 гектар майдонда зайтун боғини яратиш лойиҳаси бўйича келишувлар имзоланди.

Ушбу ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги томонидан зарурий чоралар кўрилиб, ҳар бир келишувнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун барча имкониятлар ишга солинади.

— Туркия компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида сўнги йилларда олиб бораётган ишларимиз натижасида бугунги кунда дастлабки ютуқларимиз ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, 2018 йилгача вилоятимизда Туркия сармояси иштирокидаги корхоналар сони бор-йўғи 4 та бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 17 тага етган. Умуман олганда, вилоятимиздаги хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг 14,0 фоизи Туркия сармояси иштирокидаги корхоналар ҳисобланади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Туляганов.

Шундан сўнг икки вилоят ўртасида тадбиркорлик субъектлари алоқаларини ривожлантириш бўйича келишув имзоланди ва тадбиркорлар ўртасида Б2Б форматидаги учрашув ўтказилди.

Бугун тушдан кейин Туркия ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация вилоятимиздаги машинасозлик, енгил саноат, Хазорасп эркин иқтисодий зонаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариладиган корхоналар фаолияти билан танишади. Ушбу ташриф Хоразм ва Адана ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.