Шу йилнинг 9−13 сентябрь кунлари «Глобал тўқимачилик кунлари Тошкент 2019» (Global Textile Days Tashkent 2019) кўргазмаси бўлиб ўтади. Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

«Ўзтўқимасаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров соҳанинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, форум тадбирлари доирасида кутилаётган самаралар ҳақида сўзлади. Халқаро тўқимачилик конференцияси ҳақида маълумот берар экан, унда бутун дунё бўйлаб тўқимачилик соҳасидаги муаммолар ва истиқболлар муҳокама қилинишини таъкидлади:

«Анжуман халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари раҳбарлигида ўтказилади. Унинг мавзуси — „Тўқимачилик саноатини рақамлаштириш — тўқимачиликда келажакни яратиш“. Тўқимачилик саноатини рақамлаштириш — бу узоқ бўлмаган истиқбол, бугунги куннинг ҳақиқатидир. Биз анжуман натижалари бўйича республикада тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун қўшимча стратегиялар ишлаб чиқа оламиз, деб ўйлаймиз. Тадбирлар доирасида соҳадаги сўнгги тенденциялар, халқаро тўқимачилик технологияларини ривожлантириш, сертификатлаш ва рақамли маркетинг, „ақлли“ тўқимачиликни ишлаб чиқишда илмий тадқиқотлар масалалари муҳокама қилинади. Унда Беларус, Россия, Бангладеш, Швейцария, Германия ва бошқа давлатларнинг етакчи саноат мутахассислари иштирок этишади»

Илҳом Ҳайдаров тўқимачилик саноати муваффақиятлари ҳақида тўхталар экан, қуйидаги фактга эътиборни қаратди: «Тўққиз йил аввал биринчи пахта ярмаркаси доирасида ўтган кўргазмада тўқимачилик кўргазмаси 6 кв метрни эгаллаган эди. Бу йил эса «Ўзэкспомарказ»нинг бутун майдонини маҳсулотимиз билан тўлдиришни мақсад қилганмиз. Шунингдек, сўнгги уч йилда биз ҳар йили 50га яқин янги корхоналарни очмоқдамиз ва бу йил ҳам мустасно эмас, албатта».

«Iteca Exhibition» халқаро кўргазма компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг сўзларига кўра, «UzTextile Expo 2019» халқаро тўқимачилик ва мода кўргазмасида 10 та давлатдан 165 та компания иштирок этади. Шуниси эътиборга лойиқки, бу йил маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам фаол иштирок этишади.