9 сентябрь куни Тожикистонда Роғун гидроэлектр станциясининг иккинчи агрегат ишга туширилди. Тантанали маросим мамлакат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ўтказилди.Тожикистон президенти матбуот хизмати.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон маросимда сўзга чиқиб, ГЭС хавфсизлик бўйича халқаро меъёрларга жавоб бериши ва яқин келажакда нафақат Тожикистон, балки минтақадаги бошқа давлатлар аҳолиси хонадонларини ҳам ёритишини таъкидлаб ўтди.

Роғун тўғони қурилиши 2016 йил октябрида бошланган эди. 2018 йилнинг кузида гидроэлектр станциясининг биринчи агрегати ишга туширилди. Бу вақт давомида ГЭСда 570 миллион кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилиб, мамлакат энергетика тизимига йўналтирилди, дейилади Тожикистон раҳбари сайтида.

Роғун ГЭС — Вахш дарёсидаги тўққизинчи гидроэлектр станциядир. У мамлакат пойтахти Душанбедан 110 км узоқликда жойлашган. ГЭС олтита агрегатдан ташкил тпган бўлиб, ҳар бирининг қуввати 600 мегаватдан иборатдир. Умумий қуввати 3600 МВт (17 миллиард кВт/с дан ортиқ) бўлган ҳолда Роғун ГЭС минтақадаги энг йирик гидроэлектр станцияга айланади.