Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган навбатдаги профилактик тадбирлар давомида пойтахтдаги «Қўйлиқ», «Авиасозлар» ва «Чорсу» бозорларида контрафакт дисклар савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Хусусан, Бектемир туманидаги «Қўйлиқ деҳқон бозори» ҳудудида фуқаро Эшонқул Дилмуродов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан савдо фаолиятини амалга ошираётгани аниқланди. Натижада 287 дона умумий қиймати 1 млн 435 минг сўмлик сифатсиз, лицензияланмаган, контрафакт DVD ва СD дисклар далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.

Яна бир фуқаро Боймурат Эшматовнинг ҳам ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Ҳеч қандай ҳужжатсиз диск маҳсулотлари билан савдо қилаётган сохта тадбиркордан 263 дона, умумий қиймати 1 млн 315 минг сўмлик маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинди.

Яшнобод туманида ўтказилган профилактик тадбирларда фуқаро Неъматулла Болтаев томонидан «Авиасозлар деҳқон бозори» ёнида жами 350 дона умумий баҳоси 1 млн 750 минг сўмлик контрафакт дисклар ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланди.

Ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо қилаётган яна бир фуқаро Салоҳиддин Розиқовдан умумий баҳоси 3 млн 280 минг сўмлик 656 дона контрафакт диск маҳсулотлари вақтинча олиб қўйилди. Ушбу фуқаронинг ноқонуний савдо фаолиятига вояга етмаган ёшларни жалб қилган. Яъни эндигина 14 ёшга тўлган жиянини контрафакт дисклар савдоси билан банд қилган.

Қалбаки ва контрафакт маҳсулотлари савдосининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар Шайхонтоҳур туманида ҳам ўтказилди.

«Эски жува деҳқон бозори» ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида 8 нафар фуқаро тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, улардан жами 1824 дона умумий қиймати 7 млн 365 минг сўмлик DVD дисклар далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди. Бу ҳам етмаганидай, ушбу дисклар орқали тарқатилаётган видео ва аудио маҳсулотлар харидорга сотишдан аввал яна бир бор кўздан кечириб олиш учун сотувчида қурилмалар мавжуд эмаслиги ва бу эса улар сотаётган маҳсулотни фақат суратига қараб, ишончсиз маҳсулотларнинг харид қилинишига сабаб бўлмоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида давлат солиқ хизмати органлари томонидан республикамиз бўйлаб ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 260 ҳолатда 94 минг дона умумий қиймати 376 млн сўмлик лицензияланмаган, контрафакт тарзда кўпайтирилган DVD ва СD дисклар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Қайд этилишича, лицензия ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 165-моддасида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ваҳшийлик, шафқатсизлик, куч ишлатиш ёки қийноқлар, беҳаёлик акс этган саҳналарга асосланган аудиовизуал маҳсулотларни савдога чиқариш эса қонунчилик талабларига мутлақо зиддир.