Самарқанддаги Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида автомобиль транспорти ва трамвайлар учун туннел қурилиши бошланди. Лойиҳа қиймати 67,73 млрд сўмни ташкил этади, дея хабар қилди шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Самарқанд маъмурияи маълумотларига кўра, объект 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига тайёргарлик доирасида бунёд этилмоқда.

Туннел Рўдакий кўчаси бўйлаб ўтади. Ер ости йўл ўтказгичининг умумий узунлиги 534 метр, туннелнинг ўзи эса — 93 метр бўлади. Туннел устидан ўтган чорраҳада доирасимон ҳаракат таъминланади.

Намойиш қилинган лойиҳа эскизларидан кўриш мумкинки, Рўдакий кўчасида ҳаракатнинг ҳар бир томони беш қаторли бўлиб, уларнинг учтаси, жумладан ҳар бир томондан трамвай йўли билан аралаш биттадан қатор туннел орқали ўтади.

Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6 метр бўлган пиёдалар йўлаклари ҳам 3 метр чуқурликда ер остидан ўтади.

Қурилиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг «Кўприкқурилиш» трести томонидан амалга оширилади.

Қурилишда 14750 куб метр йиғма ва монолит темирбетон ишлатилади. Бунда, 7375 тонна цемент, 3130 тонна арматура, 78,5 тонна металл прокат ишлатилади.

Бунёдкорлик ишлари бошлангани муносабати билан шаҳар ҳокими чорраҳада транспорт ҳаракати, жумладан «Вокзал-Сиёб бозори» йўналишидаги трамвай ҳаракатини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.