5 октярдан Тошкент ва Киев ўртасида HY3563/3564 ҳафталик чартер рейси йўлга қўйилади. Бу ҳақда рейсни амалга ошириш учун Airbus A320 самолётлари ва учувчиларни тақдим этаётган Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

in4avia Telegram-каналининг хабар қилишича, рейслар шанба кунлари амалга оширилади:

  • Тошкент 23:55 — Киев 02:45
  • Киев 04:15 — Тошкент 10:45

Киевдан Тошкентга авиачипталар нархи 138 доллардан бошланади.

Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси 2015 йил май ойига қадар «Тошкент — Киев — Тошкент» йўналиши бўйича доимий рейсларни амалга оширган. Бироқ парвозлар икки давлат авиацион ҳукуматлари ўртасида келишувлар мавжуд бўлмагани боис тўхатилган эди.

Украина билан доимий авиаалоқаларни қайта тиклаш имкониятлари тўғрисидаги сўнгги ахборотлар 2017 йилнинг декабрида пайдо бўлган эди. Икки давлат авиацион ҳукуматлари делегациялари музокаралар ўтказди, бироқ Ўзбекистон Парвозлар хавфсизлигини назорати қилиш Давлат инспекцияси томонлар ўртасида ҳал этилмаган масалалар борлигини маълум қилди. «Улар бартараф этилиши билан томонлар музокараларга қайтишади», — дея ваъда берган эди идора.