Президентнинг шу йил 6 сентябрда «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан Электрон рецепт бериш тизими мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар Тошкент шаҳридаги барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарида ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса ушбу тизим мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

— Бу янгиликнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бунда шифокорнинг вақти тежалиши билан бирга, беморнинг турли овворагарчиликларсиз ўз вақтида керакли дориларни олишига ҳамда тизимдаги шаффофликни таъминлашга эришилади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси Исматжон Азизов. — Шунингдек, рецепт асосида дориларнинг аниқ меъёрини ва рўйхатда турувчи препаратларнинг ҳисобини тўғри олиб борилишини таъминлайди. Бу эса шифокор, бемор ва дорихона ўртасидаги ўзаро узвий боғлиқликни таъминлаб, турли муаммо ва камчиликларни бартараф этади.

Электрон рецепт бериш тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, ахборотлаштириш объектларини текширувдан ўтказиш, техник ва лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш «Соғлиқни сақлаш» тармоғи учун ажратиладиган бюджет ажратмалари доирасида амалга оширилади. Шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатларнинг маблағлари, давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида хусусий шерик маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланади.

Айни пайтда мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва манфаатдор ташкилотлар томонидан Электрон рецепт бериш тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси» тайёрланмоқда.

Қарор дори воситаларининг ноқонуний муомаласини олдини олиш ва уларни суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари муомаласини тартибга солиш, шунингдек, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш орқали ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча шарт-шароитлар ва имкониятлар яратишга қаратилган.