Эртага Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланади. Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, бундан бироз аввал жаҳон чемпионати баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган чарм қўлқоп усталари ўз рақибларини билиб олди.

Демак, -52 кг вазн тоифасида рингга кўтариладиган Рио-2016 олимпиадаси ғолиби Шаҳобиддин Зоиров биринчи даврада туркманистонлик Гулижоновга қарши рингга кўтарилса, -57 кг вазн тоифасидаги Миразиз Мирзахалилов эса баҳсларга иккинчи даврадан қўшилади. Шунингдек, Бобоусмон Батуров, Санжар Турсунов ҳамда Баҳодир Жалолов каби етакчи боксчилар ҳам биринчи даврадан озод этилган.

Қуръа натижалари қуйидагича кўриниш олди:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров — Гулижанов (Туркманистон)

-57 кг: Миразиз Мирзахалилов — Де Андраде (Бразилия)/Иванов (Польша)

-63 кг: Элнур Абдураимов — Бен Базиз (Жазоир)

-69 кг: Бобоусмон Батуров — Аррегуи (Аргентина)/Миккалеф (Черногория)

-75 кг: Фанат Қаҳрамонов — Даваасурен (Мўғулистон)

-81 кг: Дилшодбек Рўзметов — Нармандах (Мўғулистон)

-91 кг: Санжар Турсунов — Хулио Бланко (Колумбия)/Тейшейра Да Сильва (Бразилия)

+91 кг: Баҳодир Жалолов — Рогава (Украина)/Рамазон Пурделавар (Эрон).