Vitovt Electro E420 электробуси шанба куни Тошкентда ўз йўналиши бўйича илк қатновни амалга оширди, синов уч ой давом этади. Ёрқин сариқ рангдаги машина «Белкоммунмаш» (Беларусь) 3 сентябрь куни пойтахтга еказилган эди.«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ва электробус синов вақтида бириктирилган 7-автобус саройи раҳбарияти биринчи рейс йўловчилари бўлди.

Vitovt Electro E420 бир марталик қувват билан 20−25 километр атрофида масофа босиб ўтади. Қувват олиш вақти эса 6−8 дақиқага тенг. Ўртача 90 нафар йўловчи олиб юриш имкониятига эга. Буюртмачи хоҳишига қараб ўриндиқлар сони ўзгариши мумкин.

Электробус салони кондиционер билан жиҳозланган ҳамда табиий ҳаво алмашувини таъминловчи етарлича кенгликдаги очилувчи ойналарга эга. Ортиқча қуёш нурларини қайтариш учун ойналар енгил қорайтирилган.

Ҳайдовчи кабинаси жуда қулай ва йўловчилар салонидан тўлиқ ажратилган. Шунингдек, ўз кондиционер тизими, ҳам салон, ҳам ташқаридаги вазиятни назорат қилиш учун видеокузатув тизимига эга.

Кузови композит материаллардан тайёрланган электробус 60 км/соат тезликда ҳамда пневматик осма шарофати билан жуда равон ҳаракатланади.

Электробус синови 41-автобус йўналишида Чилонзор 25-мавзе — Чилонзор буюм бозори ўртасида қатнайди. Унинг келгуси ҳафта бошидан йўналишга чиқиши кутилмоқда.