Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи «халқ боғи» бўли қолади, дея маълум қилди Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 6 сентябрь куни Чилонзор аҳолиси билан учрашувда. Реконструкция мавзуси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.

Қайд этилишича қайта қуриш жараёнида ҳам ушбу боғ эшиклари аҳоли учун ёпилмайди, шунингдек, шу пайтгача бўлгани сингари кейинчалик ҳам унга кириш бепуллигича қолади. Шунингдек, реконструкция сабаб тадбиркорлар ҳеч қандай зарар кўрмайди, ўз фаолиятини аввалги тартибда давом эттиради.

«Қайта қуриш жараёнида бу яшиллик дунёсига умуман зарар етказилмайди, ҳеч бир дарахт кесилмайди», — дейилади хабарда.

Аҳолига янада яхши хизмат кўрсатиш, уларнинг кўнгилли хордиқ чиқаришлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида яроқлиллик муддатини ўтаб бўлган атракционлар янги, замонавийларига алмаштирилади.

Шунингдек, боғ ичидаги таъмирталаб йўллар созланади. Велойўлаклар ҳам ташкил этилиши мумкин. Хуллас, қайта қуриш ишлари натижасида боғ янада чирой очади, хизмат кўлами кенгаяди.

Nuz.uz хабарига кўра, истироҳат боғи реконструкцияси Сингапурнинг BMP Smart Decision компанияси томонидан 10 млн доллар ажратилган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев компанияга янги лойиҳа учун янги участка ажратилишини маълум қилди, дея хабар қилди нашр.