Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекторлари машинасига браконьерлар томонидан ўқ узилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Қўмитанинг уч ходими — Т.Торениязов, Д.Каллибеков ва А.Калимбетов томонидан Мўйноқ туманидаги «Қазақдарья» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Акпеткей» кўллар тизимида ўтказилган рейд вақтида, давлат рақами бўлмаган «УАЗ» русумли автомашинада бўлган ноқонуний ов билан шуғулланиб келган 5 нафар фуқарони қўлга олишга ҳаракат қилди.

Инспекторларнинг қонуний талабига бўйсинмасдан, воқеа жойидан қочиб кетишни кўзлаб, қўмита ходимлари бошқарувидаги давлат рақами 95 Y 469 GA бўлган автомашина балонига ўқ отар ов милтиғи билан ўқ узиб, воқеа жойидан яширинишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мўйноқ туман прокуратураси томоиндан 6 сентябрь куни Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний ов билан шуғулланиб келган фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг барчаси ушланган.

Ноқонуний ов билан шуғулланиб келган фуқаролар бошқарувидаги «УАЗ» русумли автомашинанинг давлат рақами 80 С 401 ЕА эканлиги аниқланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.