1 октябрдан Тошкентда тажриба тариқасида чек асосида ютуқли ўйин ўтказилади. Ўзбекистон президентининг 6 сентябрдаги фармонида бу ҳақда сўз боради.

Лоторея Тошкентдаги онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган чеклардаги QR-код ёки фискал белгилар асосида ўтказилади.

Молия вазирлигига 1 ноябрга қадар ютуқли ўйинлар ташкил этиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш топширилди.

Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар тажриба натижаларига кўра уни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритади.

Ўзбекистонда чек асосидаги ютуқли ўйинларни ўтказиш режаси ҳақида июнда ДСҚ раҳбари ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилган эди. Қўмита вакилларининг фикрича, бу харидорларни товар ва хизматлар учун чек талаб қилиш бўйича одатини ўзгартиришга хизмат қилади.