Подполковник Абулхасан Нуримон Абдурахим Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи лавозимига тайинланди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Тайинловга қадар у 2018 йил апрелидан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари — Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори лавозимида фаолият кўрсатган. Ушбу лавозимга у Дилшод Мухитдинович Эшнаев ўрнига тайинланди.

Нуриймон Абулхасан Тошкент ислом институти (1994) ва Мисрдаги Ал-Азҳар университетини (1997) тамомлаган. Дин ишлари бўйича қўмита, Президент девони ва ИИВ тузилмасида турли лавозимларда ишлаган.

Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасига 2018 йил мартидан полковник Дониёр Бахтиёрович Қодиров раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2019 йил мартида у ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди, июнда эса транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ички ишлар вазири ўринбосари бўлди.

Абдуғофур Аҳмедов. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ўзгаргани маълум бўлди. Унга Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган полковник Абдуғофур Тўйчибоев Аҳмедов раҳбар бўлди. Қўмитанинг аввалги раҳбари (2018 йил апрелидан) Жасур Қосимович Акрамов эди.