6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Рустамбек Каримов (Рустам Карим — 1975 й. т.) ва Тўлқин Астановга (1971 й. т.) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидов «Газета.uz»га хабар қилди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қиличев раислигида кўриб чиқилмоқда.

Рустам Карим ва Тўлқин Астанов жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида безорилик қилганликда гумонланиб қўлга олинган эди. Тошкент ИИББ бу икки шахснинг Facebook ижтимоий тармоғида диний идора раиси «шаънига путур етказувчи постлар қолдирган"ини ҳам маълум қилди.

Рустамбек Каримов Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисми, Тўлқин Астанов Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқдалар.

Бугунги суд мажлисида судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд жараёни давом этмоқда.

Кейинги суд мажлиси 9 сентябрь куни соат 14.30 бўлиб ўтади.