2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади. Ўзбекистон президентининг 6 сентябрдаги профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида бу ҳақда сўз боради.

Фармонга мувофиқ, Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари ташкил этилиб, мазкур дастурлар асосида тегишли кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхатлари тасдиқланди.

Бундан ташқари, жами 388 та касб-ҳунар коллежлари бинолари тегишли рўйхатга асосан мактаб сифатида фойдаланилиши белгиланди. Касб-ҳунар мактабларида мактабларнинг 9-синф битирувчиларига 2 йиллик кундузги таълим берилади. Таълим олаётган ўқувчилар Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида (202730 сўм) ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади.

Коллежларда камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади.

Техникумларда эса умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади.

Техникумларни тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Касб-ҳунар мактаблари, коллеж ҳамда техникумлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бошқарилади.