Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дориларнинг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар, тегишли лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади.

Мазкур рўйхат ҳукумат томонидан бир ҳафта муддатда тасдиқланиши лозим.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дорилар учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади;
  • беморга рецептли дориларни рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади;
  • 2020 йил 1 январдан бошлаб дорилар ва тиббий буюмларнинг савдо жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш мазкур фаолият учун лицензия талаби ҳисобланади ва талабнинг мунтазам бир йил давомида бир мартадан кўп бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади.

2021 йил 1 январга қадар электрон тарзда рецепт бериш ахборот тизими жорий этилади.

Мазкур ахборот тизими 2021 йил 1 мартдан Тошкентда, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса республиканинг барча ҳудудларида мажбурий равишда қўлланилади.

Июнда «Газета.uz» Тошкентни «дорихона наркоманияси» эгаллаб олаётгани ҳақида ёзган эди. Ўрганишлар пойтахтда прегабалин, залеплон ва тропикамид каби рецепт билан сотилиши лозим бўлган дори воситалари оммавий равишда истеъмол қилинаётганини кўрсатди.