Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Афғонистон Ислом Республикасида яшовчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1 сентябрида 1 октябригача бўлган муддатда «Тинчлик учун» халқаро хайрия акциясини амалга оширишни бошлади, дея хабар бермоқда ЎзА.

«Эзгуликка ҳиссангни қўш!» шиори остида ўтказилаётган акциянинг асосий вазифаси Афғонистондаги ота-она қарамоғисиз қолган, оғир шароитларда яшаётган этник ўзбеклар ва афғон ёшларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ассоциация вакиллари мазкур хизмат сафари доирасида Афғонистон Ислом Республикасининг Хайратон ва Мозори Шариф шаҳарларида истиқомат қилаётган ўзбеклар турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги муҳожирлар мактаби ва Ғулом Муҳаммади Майманаги номидаги мактабга ташриф буюрилди ва таълим олаётган этник ўзбекларнинг муаммолари ўрганиб чиқилди ва «Тинчлик учун» халқаро хайрия акциясини ўтказишга келишиб олинди.

Халқаро хайрия акцияси доирасидаги барча маблағлар «Имконияти чекланган ёшлар ва болалар билан ишлаш маркази» нодавлат нотижорат ташкилотининг қуйидаги махсус ҳисоб рақамига (Х/р: 021000400823536002; ИНН: 207268312; МФО: 00407) йўналтирилади. Шунингдек, хайрия ишлари CLICK ва Payme хизматлари орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Келиб тушган барча маблағлар ёшлар учун зарур бўлган лотин тилидаги адабиёт намуналари, ўқув дарсликлар ва ўқув қуроллари ҳамда кийим-кечаклар харид қилиш учун сарфланади.

Акция доирасида келиб тушган барча мулклар Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон Бош консулхонаси ёрдамида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти орқали Афғонистон Ислом Республикасига жўнатилади.

Тўловни амалга ошириш қоидаси: белгиланган ҳисоб рақамига #tinchlikuchun хештеги остида хайрия акцияси учун ихтиёрий ёрдам пули йўналтирилади.