6 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида беш кишилик оиланинг умрига зомин бўлган судланувчилар га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидов «Газета.uz»га хабар қилди.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Олий суди судьяси Икром Муслимов раислигида ҳамда судьялар О. Арабов ва Э. Эргашевдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Судланувчилар Ғолиб Ташанов (1981 й. т.), Жаҳонгир Усмонов (1993 й. т.), Шамсиддин Эсонбоев (1995 й. т.) ва Хабибулло Нурмановнинг (1996 й. т.) Жиноят кодексининг 97 (қасддан қотиллик), 164 (босқинчилик) ва 267- (транспорт воситасини олиб қочиш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланди.

Суд Ғолиб Ташанов, Жаҳонгир Усмонов, Шамсиддин Эсонбоев ва Хабибулло Нурмановга ўташ учун узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Тайинланган жазо махсус тартибли жазони ижро этиш колониясида ўтаттириш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида эр-хотинлар — фермер хўжалиги ишчиси ва унинг турмуш ўртоғи, шунингдек, уларнинг уч нафар ўғли Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида қотиллик аломатлари билан Damas автомобили ичида топилган эди. Бугун суд ҳукми эълон қилинган гумондорлар — вақтинча ишсизлар қурбонлар истиқомат қилган маҳаллада яшаган ва жиноят содир этилгандан бир ҳафтага қолмасдан қўлга олинган.