Жорий йилнинг иккинчи чорагида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмалари апрелдаги пасайишидан сўнг ошиш трендини ҳосил қилди, ўрта муддатли кутилмалари эса сезиларли ўзгаришларсиз аввалги даражасида сақланиб қолди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг бутун мамлакат бўйлаб 900 нафар жисмоний ва 375 юридик шахс ўртасида ўтказган сўровга асосланган таҳлилида (PDF) сўз боради.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий валюта алмашув курсининг қадрсизланиши, иш ҳақларининг ошиши, ҳамда 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллигида коммунал хизматлар нархларининг оширилиши мумкинлиги иқтисодиётдаги нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар сифатида қайд этилди. Шунингдек, респондентлар жавобларида ўрта муддатли инфляцион кутилмаларга солиқ базасининг кенгайтирилиши таъсири сақланиб қолиши кўрсатилган, дейилади таҳлилда.

Май-июнь ойларида жорий йилнинг январь-апрель ойларида сезилган инфляция индексининг қатъий пасайишидан сўнг май-июнь ойларида ўсиш (мартдаги 10 фоиздан июнда 15 фоиз) кузатилди. Респондентларнинг 46 фоизи (ўтган чоракка нисбатан 10 фоиз бандга кўпроқ) апрель-июнь ойлари давомида нархи юқори даражада ошган маҳсулот сифатида гўштни қайд этди (11-расм). Бундан ташқари, I чоракка нисбатан, кўпроқ респондентлар сабзи ва пиёз нархлари сезиларли ошди деб таъкидлаган бўлса, аксинча, тухум, нон, тамаки ва алкагол маҳсулотларини қайд этилиши нисбатан камроқ бўлди.

Иқтисодиётдаги кутилмалар

Сўров натижаларига кўра, II чоракда аҳолининг даромадлари ҳамда харид қилиш қобилияти ошишда давом этди. Респондентларнинг аксарияти (78%) аввалги 12 ой давомида даромадлари ўсганини қайд этди (21-а расм). Сўровда «даромадим билан нархлар бир хил ошди» ҳамда «даромадим нархларга нисбатан кўпроқ ошди» жавобларини белгилаган респондентларнинг улуши 6 фоиз бандга ошиб 43 фоизни ташкил этди. «Даромадим нархларга нисбатан камроқ ошди» ёки «даромадим ошмади лекин нархлар ошди» жавобларини танлаганларнинг улуши 7 фоиз бандга камайиб 53 фоизга тенг бўлди.

Респондентларнинг келгусидаги даромадлари ошиши билан боғлиқ бўлган кутилмалари юқорилади. Хусусан, респондентларнинг 48 фоизи даромадининг ўсиши инфляция даражасида ёки ундан юқори бўлишини тахмин қилмоқда.

«Ўрта муддатли истиқболда даромадлар ошиши бўйича кутилмаларнинг юқори даражада сақланиши харид қобилиятига ўз таъсирини кўрсатишини давом этади ҳамда инфляцион босимнинг ошишига ҳисса қўшади», — дейилади таҳлилда.

Мазкур даврда респондентларнинг жамғарма кайфиятида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади. Хусусан респондентларнинг 45 фоизи ўз жамғармаларини тадбиркорликка йўналтиришни мақсад қилган бўлса, 27 фоизи қисман ишлатиш ва қисман сақлаб қўйиш ниятида эканлигини билдирди.