Ўзбекистон Бош прокуратураси Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Мансур Туймаев Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича айбланаётганини маълум қилди. Тумаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли бинони бульдозер билан бузишга ҳаракат қилган вақтида тадбиркор унинг устига бензин сепиб, ёқиб юборган эди.

Собиқ ҳоким ўринбосарига нисбатан 192−1- модда 3-қисм «а» банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) 206-модда 2- қисми (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги «тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши 30 августда айблов хулосаси билан ЖИБ Яккабоғ тумани судига юборилди. Худди шу куни Яккабоғ туман ҳокимиятида Мансур Туймаев ва Баҳриддин Исомов ярашди.