Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Жиззах гарнизонида жойлашган Махсус операциялари кучлари бўлинмаларига яқинда қабул қилинган ёш ҳарбий хизматчилар билан махсус машғулотлар ташкил этилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Бир неча кун муддатда ёш ҳарбий хизматчиларни билими, амалий кўникмаси ҳамда жисмоний тайёргарлиги яна бир бор синовдан ўтказилди.

Гуруҳ шахсий таркибига белгиланган ҳудудга хавфсиз етиб бориш, шартли душманни қидириб топиш ва марш бросок ўтказиш, экстремал шароитларда яшовчанликни ошириш ҳамда сув тўсиқларидан ўтиш каби махсус вазифалар юклатилди.

Махсус бўлинма сув тўсиқларигача бўлган машқларни белгиланган вақтдан 20 дақиқа тезроқ бажарди. Дастлаб гуруҳнинг бир қисми ниқобланиб, овоз чиқармай ҳамда атрофни синчковлик билан кузатиб, сув тўсиқларидан ўтди. Шундан сўнг иккинчи усул қўлланилди. Яъни сув ҳавзасидан арқон ёрдамида ўтилди.

Экстремал шароитларга (дашт, чўл ёки нотаниш ҳудудга) тушиб қолган ёш ҳарбий хизматчилар томонидан тез фурсатда олов ёқиш, ҳайвонларни овлаш, сувни ичишга яроқли ҳолатга келтириш каби усуллар ўйлаб топилди.

Тадбир якунида махсус машқларни бажаришда бўлинма таркиби томонидан йўл қўйилган камчиликлар ҳамда афзалликлар кўрсатилиб ўтилди ҳамда гуруҳ шахсий таркиби махсус вазифани бажаришда яхши томонга белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Махсус бўлинмаларига ўтиш истагини билдирган ёш ҳарбий хизматчилар олти ойлик тайёрлов курсларидан ўтказилади.