Қамашилик (исм-шарифлар ўзгартирилган) Баҳром Холиқов жиноий қилмишлари учун аввал ҳам икки марта судланган. Аммо жамиятимиздаги инсонпарварлик ва бағрикенглик туфайли кейинчалик амнистия актига асосан жазодан озод этилган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг раиси Фаёза Қамбарова «Газета.uzга маълум қилди.

Аммо у бундан ўзига хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиш, ҳалол меҳнати билан кун кечириш ўрнига яна жиноят кўчасига кирди.

Гап шундаки, яқин таниши орқали шу туманда яшовчи Гулнора Фозилованинг ўғли Бахтиёр Насимовни ички ишлар бўлимига ишга киришини эшитган Баҳромнинг кўнглида ғараз мақсад уйғонди. У ана шу ғаразли мақсадини амалга ошириш учун Гулнора опага қўнғироқ қилиб, беминнат ёрдамини таклиф қилди. Гулнора опа ҳам унинг сўзларига ишонди.

— Опа, ўғлингизни ички ишлар идорасига ишга киришини эшитиб қолдим, — дея Баҳром гапни узоқдан бошлади. — Келинг, сизга бир яхшилик қилай. Ўғлингиз ишга кираман, деб юрган ўша идорада зўр танишларим бор, фақат харажатидан қочмасангиз бўлди.

— Қанийди, шундай ёрдам қилсангиз, — деди Гулнора опа унга жавобан. — Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмасдим, укажон. Хўш, харажати қанча бўлади?

— Сиз учун атиги 6 минг «кўк"и. Пулни етказсангиз, ўғлим ишга жойлашди, деяверинг.

Бундай катта маблағни эшитган Гулнора опа ҳангу-манг бўлиб қолди.

Сўнг эса, узоқ ўйланиб турди-да, рози бўлди.

Хуллас, шу куни ўзаро келишувга кўра, Бахтиёрнинг ҳужжатлари идорага топширилгач, Гулнора опа 6 минг АҚШ долларини Баҳромга берадиган бўлди.

Фирибгарликнинг роса ҳадисини олган Баҳром орадан уч кун ўтиб, Бахтиёрнинг ўзи билан биргаликда вилоят ички ишлар бошқармасига олиб борар экан, уни жияним деб таништирган кўйи ҳужжатларни топширишга муваффақ бўлади.

Шундан сўнг фирибгар бу кимса Гулнора опадан келишилган маблағни беришни талаб қилишга тушади. Баҳромнинг қўнғироқларидан кўнглига шубҳа оралаган Гулнора опа бу кимсанинг кимлигини билиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилди.

Ўша куннинг ўзидаёқ ўтказилган тезкор тадбир асносида фирибгар Б. Холиқов Г. Фозиловадан 6 минг АҚШ долларини олаётган пайтда жиноят устида қўлга олинди…

Буни қарангки, суриштирув ва тергов давомида бу фирибгар кимса турли важларни ўйлаб топишга, ўз кирдикорини хаспўшлашга қанчалик уринмасин, далил ва исботлар унинг асл қиёфасини фош қилиб қўйди.

Суд судланувчи Б. Холиқовнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади. У эндиликда ўз кирдикорлари жазосини тортадиган бўлди.