Шу йилнинг 8 май куни Асака туман деҳқон бозорида мева-чева савдоси билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор Одинахон Дадажонова ва унинг жиянлари Маҳмуда Деҳқонова ҳамда Раҳматжон Камолиддинов арзимас келишмовчилик туфайли маъмурий ҳуқуқбузарликка қўл урди. Бу ҳақда Асака туман маъмурий судининг раиси Баҳром Бердиев «Газета.uz»га хабар қилди.

Ўша куни соат 15.00 ларда Одина бозорга бир нечта яшикда қулупнай олиб келади. Сўнг яшикларни жиянлари Маҳмуда ва Раҳматжон ёрдамида доимий савдо қиладиган жойига тушира бошлайди.

Бироқ ўша жойда Нафиса Норматованинг вояга етмаган ўғли Бегали Норматов нишолда сотаётганди. Шунинг учун О. Дадажонова ундан сал нарироқ сурилишини сўрайди. Аммо Б. Норматов аёлнинг гапига кўнмай, ўрнидан қимирламайди. Буни кузатиб турган Маҳмуда билан Раҳматжоннинг эса жаҳли чиқади.

«Ўзингдан катта айтганда озгина сурилсанг бўлади-ку?!» — дейишади улар. Лекин Бегали шунда ҳам қимир этишни хаёлига келтирмайди.

Аксинча, Раҳматжон билан тортишиб қолади. Оқибатда Р. Камолиддинов уни уриб, тан жароҳати етказади. Айни шу пайт бақир-чақирни эшитган Нафиса етиб келади-ю можаро авж олади. Оқибатда О. Дадажонова ва М. Деҳқонова ҳам Н. Норматовани уриб, тан жароҳати етказишади. Жанжалга туман ИИБ ходимлари чек қўйишади.

Суд-тиббий экспертизасининг 2019 йил 13 майдаги хулосасида она-бола жабрланувчилар енгил тан жароҳати олгани қайд этилган. Бинобарин, О. Дадажонова, Р. Камолиддинов ва М. Деҳқоновага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми, ўғлини бозорда нишолда сотишга мажбурлагани учун эса Нафиса Норматовага ушбу кодекснинг 49−1-моддаси (вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди.

Пировардида Асака туман маъмурий судининг қарорига биноан ҳуқуқбузарлар маъмурий жаримага тортилди.