Дарига Назарбаева 2 сентябрь куни юқори палата мажлисида яширин овоз бериш йўли билан Қозоғистон парламенти Сенати раиси лавозимига сайланди.

Қозоғистон Конституциясининг 58-моддасига кўра, спикер лавозимига унинг номзодини президент Қасим-Жомарт Тоқаев илгари сурди.

Дарига Назарбаева 2019 йилнинг мартида ушбу лавозимни эгаллаган эди. Tengrinews нашрининг хабар беришича, қайта сайлов Дарига Назарбаеванинг ваколат муддати тугагани учун Сенат депутатлигига тайинлангани муносабати билан бўлиб ўтди.

Дарига Назарбаева 1963 йилда туғилган. М. В. Ломоносов номидаги МДУ ва Киров номидаги ҚозДУни тамомлаган. Сиёсий каръерасини 2004 йил сентябрида Қозоғистон парламенти Мажлиси депутатлиги билан бошлаган. 2015−2016 йилларда Қозоғистон бош вазири ўринбосари бўлган. 2016 йилнинг сентябридан парламент Сенати депутати, Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ҳисобланади.