3 сентябрь куни тахминан соат 07:00 да Самарканд вилоят Жомбой туман Бешбола қишлоғи худудида «ISUZI» русумли автобус билан МАN русумли юк автомашинасини тўқнашиши юз берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, автобусда 31 нафар йўловчи бўлган. Уларнинг 22 нафари турли даражадаги тан жароҳати олган. 1 нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. Тез тиббий ёрдам биригадаси воқеа жойига 5 дақиқада етиб борган. Жами 8 та тез тиббий ёрдам бригадаси кўмагида жароҳатланганларнинг барчаси тезкор равишда Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.

ССВ томонидан беморларга ўз вақтида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида санитар авиация хизмати орқали нейрохирург, хирург, травматолог каби қатор тажрибали мутахассислар сафарбар этилди. Айни пайтда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланганларнинг 6 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига даволаниш учун кўчирилган, 3 нафар беморга Жомбой туман тиббиёт бирлашмасида, 13 нафар беморга эса амбулатор тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қўшимча дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилди.