Ҳозирги пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ноқонуний юрган хорижий фуқароларни аниқлаш ва уларни мамлакатдан чиқариб юбориш борасида транспорт воситаларида, иш ва яшаш ҳамда жамоат жойларида мунтазам текширувлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва ватандошларимизни ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси шаҳар Хавфсизлик бошқармаси ва мигратсия хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Турк мутахассисларининг таъкидлашича, аксар хорижий фуқаролар Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи (ikamet izni) ва ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатлар фарқини билмайди.

Қонунга мувофиқ, яшаш ҳуқуқини берувчи (ikamet izni) ҳужжатга эга чет эл фуқаролари Туркия ҳудудида ишлашни истасалар, албатта, қўшимча ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатларга ҳам эга бўлишлари шарт. Акс ҳолда, улар қонунни бузган ҳисобланади ва уларга нисбатан чоралар кўрилади.

Маълумки, 2018 йилнинг октабрь ойидан бошлаб Туркия ҳукумати Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу муддат Туркияда ишлаш мақсадида келган хорижий фуқароларга яшаш ҳуқуқи (ikamet izni) ва ишлашга рухсат берувчи (çalişma izni) ҳужжатларни расмийлаштириш учун етарли муддат ҳисобланади.

Бундан ташқари, Туркиянинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида турк иш берувчилари билан икки томонлама шартномалар тузиш орқали Туркияга келишидан олдин ҳам ишлаш ҳуқуқини берувчи (çalişma izni) ҳужжатларини расмийлаштириш имконияти мавжуд. Бу эса, ишлашга келмоқчи бўлган фуқароларнинг ишини сезиларли даражада осонлаштиради.

«Шу муносабат билан Бош консулхона Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларини барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга ва мамлакатда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақиради. Элчихона ва Бош консулхона Туркияда бўлиб турган фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда», — дейилади хабарда.

Зарур ҳолатларда ҳамюртлар Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси консуллик бўлимига (0312) 441−17−46, e-mail: uzconsul.ankara@gmail.com, факс: +90 312 442 70 58) ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (+90 212 323-20-37, факс:+90 212 312 20 40, e-mail:uzbekconsul@yahoo.com) мурожаат қилишлари мумкин.