Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари тантанали равишда ҳарбий қасамёд қабул қилди, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Газета.uz»га.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида янгидан барпо этилган олий ҳарбий таълим муассасаси — Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртининг очилиши, шунингдек, билим юрти 1-курс курсантларининг ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги фахрийлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Янги объект рамзий лентаси қирқилгач, олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғига рамзий калит, шунингдек, президент номидан енгил автомобиль ва вилоят ҳокими номидан Isuzu автобуси топширилди.

Объектни капитал таъмирлаш ишларида иштирок этган мутахассислар Мудофаа вазирининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

25 йиллик тарихга эга олий ҳарбий таълим муассасаси очилишига бағишланган тадбир давомида Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан тайёрланган ҳаво паради ва авиашоу намойиш этилди. Парад аввалида Н-125 русумли вертолётда давлат байроғи олиб ўтилди. Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари, С-295, Су-25, Миг-29 самолётларининг билим юрти узра парвози меҳмонлар томонидан олқишланди.

Шунингдек, Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган тантанада ҳам академиянинг умумқўшин факультетига ўқишга кирган курсантлар тантанали ҳарбий қасамёд қабул қилди.

Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирокида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келаётгани, ҳарбий хизматнинг ёшларимиз учун том маънода мардлик, чиниқиш ва тобланиш мактабига айлангани таъкидланди.

Мазкур тантаналар Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетида ҳам ана шундай ҳаяжонли тарзда ўтди.

Битирув тантаналари давомида тақдим этилган байрамона концерт дастури, ижодкорлар ва спортчиларнинг чиқишлари барчага кўтаринки руҳ бағишлади.